Юртимиздаги тарихий-маданий аҳамиятга молик 189 та объект бугунги кунда “Вақф” хайрия жамоат фонди тасарруфига ўтказилган. Мазкур тарихий обида ва зиёратгоҳларни замонавий талаблар даражасида сақлаш – долзарб вазифа саналади.
Маданий мерос департаментида 2020 йил 9 март куни Маданий мерос департаменти бошлиқ ўринбосари Х.Холмуродов бошчилигида олимлар, “Вақф” хайрия жамоат фонди вакиллари иштирокида қўшма йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишда тарихий иншоатлар ва зиёратгоҳларни таъмирлаш-тиклаш, ободонлаштириш ҳамда зиёратчилар учун қулайликлар яратиш масаласи муҳокама этилди.
Тарихчи олимлар ва соҳа мутахассисларидан иборат Ишчи гуруҳи тузиш, тарихий объектларни чуқур ўрганиш, амалга ошириладиган ишлар кўламини белгилаш ва ҳукуматга тегишли таклифлар тайёрлаш ҳақида келишиб олинди. Хусусан, “Лангар ота” (Қашқадарё вилояти), “Абдол бобо” (Хоразм вилояти), “Қирққиз”, “Оқ остона” ва “Валий балогардон” (Сурхондарё), “Қулфисар ота” ва “Бобоякка” (Жиззах) зиёратгоҳларини ободонлаштириш масаласи кўриб чиқилди.