Bir soniya...

 

OʼZBEKISTON RESPUBLIKASI MADANIYAT VAZIRLIGI HUZURIDAGIMadaniy meros departamenti toʼgʼrisida
NIZOM

1-боб. Умумий қоидалар

  1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаментининг (кейинги ўринларда Департамент деб аталади) мақоми, асосий вазифалари ва функциялари, ҳуқуқ ва жавобгарлиги, шунингдек, фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.
  2. Департамент моддий маданий мерос, жумладан, археология мероси объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасида махсус ваколатли муассаса ҳисобланади.
  3. Департамент Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигига (кейинги ўринларда Маданият вазирлиги деб аталади) бўйсунади ва ҳисобот беради.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маданий мерос бошқармалари (кейинги ўринларда ҳудудий бошқармалар деб аталади) ўз фаолиятида бевосита Департаментга бўйсунади ва ҳисобот беради.

  1. Департамент ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, шунингдек, ушбу Низомга ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.
  2. Департаментнинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек, фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.
  3. Департамент ва унинг ҳудудий бошқармалари юридик шахс ҳисобланади ва давлат муассасаси шаклида ташкил этилади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ва бланкаларга, мустақил балансга, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилигида шахсий ғазна ҳисобварақларига, хорижий валютадаги банк ҳисобрақамларига эга бўлади.
  4. Департаментнинг расмий номи:

а) давлат тилида:

тўлиқ — Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаменти, қисқартмаси — Маданий мерос департаменти;

б) рус тилида:

тўлиқ — Департамент культурного наследия при Министерстве культуры Республики Узбекистан, қисқартмаси — Департамент культурного наследия;

в) инглиз тилида:

тўлиқ — Department of cultural heritage under Ministry of Culture of the Republic of Uzbekistan, қисқартмаси — Department of cultural heritage.

  1. Департамент жойлашган ери (почта манзили): 100027, Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур тумани, Ўзгариш кўчаси, 18-уй.

2-боб. Департаментнинг тузилмаси

  1. Департамент тизимига қуйидагилар киради:

Департаментнинг марказий аппарати;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маданий мерос бошқармалари;

«Мерос чашмаси» давлат унитар корхонаси.

3-боб. Департаментнинг вазифалари ва функциялари

  1. Департаментнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

моддий маданий мерос, шу жумладан археология мероси объектлари, музей ашёлари ва коллекциялари ҳамда маданий бойликларни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишга оид қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш;

моддий маданий мерос объектларининг давлат кадастрини юритиш, тарихий, илмий, бадиий ёки ўзгача маданий қимматга эга бўлган объектларни аниқлаш, уларни ҳужжатлаштириш ва давлат ҳисобига олиш, моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари тоифалари ва қўриқланадиган теграларини белгилаш, шунингдек улардан оқилона фойдаланилишини таъминлаш;

тарихий-маданий ва лойиҳа-смета ҳужжатларининг тарихий-маданий қиммати ва ноёблигига асрашга доир экспертизасини, моддий маданий мерос объектларининг тарихий-маданий қиммати ва ноёблигига асрашга доир ишларни путур етказмаган ҳолда амалга оширилиши бўйича узлуксиз илмий-техник назоратни олиб бориш;

алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ва жаҳон маданий мероси объектлари жумласига киритилган ҳудудларда шаҳарсозлик ва бошқа хўжалик фаолиятларини уларнинг тарихий-маданий муҳити, табиий ландшафти ва ўзига хослигини сақлаб қолган ҳолда олиб борилишини мувофиқлаштириш;

археология ашёлари давлат каталогини юритиш, археология тадқиқотларини амалга ошириш тартиби ва шартларига риоя қилиниши, археология ашёларининг ўз вақтида ҳисобга олиниши ва давлатга топширилишини назорат қилиш ҳамда уларни фан, маданият ва таълим муассасаларига бириктириш, шунингдек археология тадқиқотлари бўйича илмий ҳисоботларни қабул қилиш, экспертизадан ўтказиш ва архивини йиғиш, археология ёдгорлигини концервациялаш ҳамда музейлаштириш;

миллий музей фондининг давлат каталогини юритиш, музей ашёлари ва коллекцияларини музей фонди тасарруфидан чиқариш ёки бошқа музей фондига ўтказиш, маданий бойликларни реализация қилиш учун рухсатномалар бериш, шунингдек давлат томонидан муҳофаза рўйхатлари ва реестрларига киритилган маданий бойликлар, жумладан, музей ашёлари ва коллекциялари, қадимий ёзма манбаларнинг бут сақланишини ва ҳисоби юритилишини текшириш, миллий архив фонди бундан мустасно;

олимлар, халқ усталари, реставраторлар, экспертлар билан яқин ҳамкорлик қилиш, таъмиршуносликдаги ўзига хос услуб, анъана ва мактабларини ривожлантиришни, жамоатчилик назоратини амалга оширишни қўллаб-қувватлаш;

моддий маданий мерос объектларини кенг тарғиб этиш ва оммалаштириш, соҳага давлат-хусусий шериклик механизмларини, инновацион ва илғор ахборот-коммуникация технологияларини самарали татбиқ этиш, электрон хизматларни ривожлантириш;

халқаро ва хорижий ташкилотлар билан ҳамкорликни ривожлантириш, жумладан, молиявий институтларнинг грантлари, кредитлари ва ҳомийлик хайрияларини жалб этиш.

  1. Департамент ўзига юкланган асосий вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни бажаради:

а) моддий маданий мерос, шу жумладан, археология мероси объектлари, музей ашёлари ва коллекциялари ҳамда маданий бойликларни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишга оид қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш соҳасида:

юридик ва жисмоний шахслар томонидан моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга оширади;

археология мероси объектларини муҳофаза қилиш, сақлаш ва улардан фойдаланиш устидан давлат назоратини амалга оширади;

археология тадқиқотларини амалга ошириш тартиби ва шартларига риоя қилиниши, археология ашёларининг ўз вақтида ҳисобга олиниши ва давлатга топширилишини назорат қилади;

Миллий музей фонди ҳолати устидан давлат назоратини амалга оширади;

моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари ҳолатининг мониторингини амалга оширади;

моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларида муҳофаза белгилари ўрнатилишини назорат қилади;

алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудларнинг қўриқланадиган тегралари чегараларига риоя қилинишини назорат қилади;

тарихий-маданий қимматига кўра, ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудларнинг қўриқланадиган тегралари чегараларига риоя қилинишини назорат қилади;

тарихий-маданий қимматига кўра, ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудларнинг бошқариш режаларига риоя қилиниши назорат қилади;

б) моддий маданий мерос объектларининг давлат кадастрини юритиш, тарихий, илмий, бадиий ёки ўзгача маданий қимматга эга бўлган объектларни аниқлаш, уларни ҳужжатлаштириш ва давлат ҳисобига олиш, моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари тоифалари ва қўриқланадиган теграларини белгилаш, шунингдек улардан оқилона фойдаланилишини таъминлаш соҳасида:

моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари тарихий-маданий экспертизасини ташкил этади ва амалга оширади;

тарихий, илмий, бадиий ёки ўзгача маданий қимматга эга бўлган объектларни аниқлайди, уларни ҳужжатлаштиради ва давлат ҳисобига олади;

тарихий-маданий қимматга эга бўлган объектларни Моддий маданий мерос объектларининг давлат кадастрига киритиш бўйича Ўзбекистон Республикаси маданият вазирига таклиф киритади;

жисман тўла йўқотилган ёки моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объекти сифатида ўз қимматини йўқотган моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектини Моддий маданий мерос объектларининг давлат кадастридан чиқариш бўйича Ўзбекистон Республикаси маданият вазирига таклиф киритади;

Моддий маданий мерос объектларининг давлат кадастрини юритади;

моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларининг миқдор ва сифат тавсифларини ҳисобга олади;

моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини сифат ва қиймат жиҳатидан баҳолайди;

кадастр ахборотини тизимга солади, сақлайди ва янгилаб боради;

моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларининг ҳолати ҳақида ҳисоботлар тузади;

Давлат кадастрлари ягона тизимига киритиш учун тегишли ахборот тақдим этади;

фойдаланувчиларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда кадастр ахбороти билан таъминлайди;

Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари давлат миллий рўйхатини юритади;

моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари тоифаларини белгилайди;

моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари қўриқланадиган теграларининг лойиҳаларини тасдиқлайди;

бўш турган моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини аниқлайди ва улардан самарали фойдаланиш бўйича таклифлар тайёрлайди;

бўш турган моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларининг физик ва техник ҳолатини ўрганади, улардан фойдаланиш мумкин ёки фойдаланиш мумкин эмаслиги бўйича хулоса беради;

бўш турган ва фойдаланиш мумкин бўлган, шу жумладан ижарага бериладиган, инвестиция мажбуриятлари, давлат-хусусий шериклик шаклида ижарага бериладиган моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларига оид маълумотлар базасини яратади, янгилаб боради ва очиқ манбаларда эълон қилади;

моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини текин фойдаланишга бериш асослилигини кўриб чиқади ва хулоса беради;

давлат мулки ҳисобланган моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини оператив бошқариш ҳуқуқи асосида бириктириб бериш асослилигини кўриб чиқади ва хулоса беради;

моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларидан фойдаланишдан топилган даромадлар ва уларнинг сарфланишига оид маълумотларни тегишли субъектлардан сўраб олади ҳамда уларга ушбу маблағлардан самарали фойдаланиш бўйича кўрсатма беради;

в) тарихий-маданий ва лойиҳа-смета ҳужжатларининг экспертизасини, моддий маданий мерос объектларининг тарихий-маданий қиммати ва ноёблигига асрашга доир ишларни путур етказмаган ҳолда амалга оширилиши бўйича узлуксиз илмий-техник назоратни олиб бориш соҳасида:

моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини асрашга доир ишларнинг лойиҳа-смета ҳужжатларини моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларининг тарихий-маданий қимматига таъсири бўйича экспертизадан ўтказади;

моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини асрашга доир ишлар учун рухсатнома беради;

Олдинги таҳрирга қаранг.

моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини асрашга доир фаолиятни амалга ошириш учун лицензия беради;

(11-банд «в» кичик бандининг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 20 декабрдаги 1021-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 20.12.2019 й., 09/19/1021/4179-сон)

асрашга доир ишлар моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларининг тарихий-маданий қиммати ва ноёблигига путур етказмаган ҳолда амалга оширилиши бўйича узлуксиз илмий-техник назорат қилади;

г) алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ва жаҳон маданий мероси объектлари жумласига киритилган ҳудудларда шаҳарсозлик ва бошқа хўжалик фаолиятларини уларнинг тарихий-маданий муҳити, табиий ландшафти ва ўзига хослигини сақлаб қолган ҳолда олиб борилишини мувофиқлаштириш соҳасида:

алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудларни ташкил этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритади;

тарих, санъат, фан, эстетика, этнология ёки антропология нуқтаи назаридан ҳар томонлама беқиёс қимматга эга бўлган маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари Умумжаҳон маданий мероси рўйхатига киритиш бўйича таклифлар тайёрлайди ва Ўзбекистон Республикасининг ЮНЕСКО ишлари бўйича Миллий комиссиясига юборади;

алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудларнинг қўриқланадиган тегралари чегаралари лойиҳаларини тасдиқлайди;

алоҳида тартибга солиниши лозим бўлган ва моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини муҳофаза қилиш билан боғлиқ шаҳарсозлик фаолияти объектларининг чегараларини белгилайди;

тарихий-маданий қимматига кўра, ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудларнинг қўриқланадиган тегралари чегараларининг лойиҳаларини ишлаб чиқади;

тарихий-маданий қимматига кўра, ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудларнинг бошқариш режаларини тасдиқлайди;

алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудлар паспортларининг ишлаб чиқилишини ташкил қилади;

алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудлар, тарихий-маданий қимматига кўра, ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудларда бино ва иншоотларни қуриш ёки уларни бузиш бўйича лойиҳаларни кўриб чиқади ва уларга хулоса (моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини асрашга доир ишлар учун рухсатнома) беради;

тарихий-маданий қимматига кўра, ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудларда бино ва иншоотларни қуриш ёки уларни бузиш бўйича лойиҳаларни Меросга бўлган таъсирини баҳолаш ҳисоботлари тайёрланишини ташкил қилади;

аҳоли пунктлари бош режаларининг лойиҳаларини кўриб чиқади ва уларга хулоса беради;

д) археология ашёлари давлат каталогини юритиш, археология тадқиқотларини амалга ошириш тартиби ва шартларига риоя қилиниши, археология ашёларининг ўз вақтида ҳисобга олиниши ва давлатга топширилишини назорат қилиш ҳамда уларни фан, маданият ва таълим муассасаларига бириктириш, шунингдек археология тадқиқотлари бўйича илмий ҳисоботларни қабул қилиш, экспертизадан ўтказиш ва архивини йиғиш, археология ёдгорлигини концервациялаш ҳамда музейлаштириш соҳасида:

Археология ашёлари давлат каталогини юритади;

археология ашёларини Археология ашёлари давлат каталогида рўйхатдан ўтказади;

Археология ашёлари давлат каталогида рўйхатдан ўтказилган археология ашёларини тасарруфдан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилади;

археология ёдгорликларининг электрон базасини яратади ва уни мунтазам янгилаб боради;

археология ашёларини фан, маданият ва таълим муассасаларига бириктиради;

фан, маданият ва таълим муассасаларида амалга ошириладиган археология тадқиқотларини назорат қилади;

археология тадқиқотлари бўйича илмий ҳисоботларни қабул қилади, экспертизадан ўтказади, илмий ҳисоботларни йиғади ва уларнинг идоравий архивда сақланишини таъминлайди;

археология ёдгорлигини консервация қилади ҳамда музейлаштиради;

археология қидирувлари, археология қазишмалари ва археология назоратини амалга ошириш учун рухсатнома беради;

археология объектларида махсус асбоб-ускуналардан фойдаланиш учун рухсатнома беради;

археология соҳасида илмий жамоатчилик кенгашини тузади ва унинг фаолият олиб боришини таъминлайди;

археология соҳасида илмий жамоатчилик кенгашининг хулосаларини инобатга олиб, археологнинг профессионал даражасини тасдиқлаш учун очиқ варақ беради;

археология объектларида махсус асбоб-ускуналардан фойдаланиш тартиби ва шартларига риоя қилинишини назорат қилади.

е) миллий музей фондининг давлат каталогини юритиш, музей ашёлари ва коллекцияларини музей фонди тасарруфидан чиқариш ёки бошқа музей фондига ўтказиш, маданий бойликларни реализация қилиш учун рухсатномалар бериш, шунингдек давлат томонидан муҳофаза рўйхатлари ва реестрларига киритилган маданий бойликлар, жумладан, музей ашёлари ва коллекциялари, қадимий ёзма манбаларнинг бут сақланишини ва ҳисоби юритилишини текшириш (миллий архив фонди бундан мустасно) соҳасида:

Миллий музей фондининг давлат каталогини юритади;

музей ашёлари ва музей коллекцияларини белгиланган тартибда Миллий музей фонди таркибига киритиш ҳамда унинг таркибидан чиқариш бўйича Ўзбекистон Республикаси маданият вазирига таклиф киритади;

Миллий музей фонди таркибига киритилган музей ашёлари ва музей коллекцияларини тасарруфдан чиқариш ёки универсал ҳуқуқий ворислик тартибида ёхуд бошқа усулда бир шахсдан иккинчи шахсга ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси маданият вазирига таклиф киритади;

музей ашёлари ва музей коллекцияларининг бут сақланиш ҳолатини ҳамда уларни сақлаш шароитларини текширади;

нодавлат музейларга бириктириб қўйилган музей ашёлари ва музей коллекцияларининг мулкдори олдига уларни сақлаш жойини ўзгартириш ёки уларни тасарруфдан чиқариш тўғрисидаги масалани қўяди;

музей ашёлари ва музей коллекциялари ҳақида Миллий музей фонди таркибига киритилган музей ашёлари ва музей коллекциялари ҳисобини юритиш учун зарур бўлган сўровномалар йўллайди ҳамда ахборот олади;

маданий бойликларни реализация қилиш учун рухсатномалар беради.

ж) олимлар, халқ усталари, реставраторлар, экспертлар билан яқин ҳамкорлик қилиш, таъмиршуносликдаги ўзига хос услуб, анъана ва мактабларини ривожлантиришни, жамоатчилик назоратини амалга оширишни қўллаб-қувватлаш соҳасида:

олимлар, халқ усталари, реставраторлар, экспертлар билан яқин ҳамкорлик қилади;

моддий маданий мерос, шу жумладан археология ва музей соҳалари бўйича экспертларнинг рўйхатини тузади ва тасдиқлайди;

жамоатчилик назорати амалга оширилишини қўллаб-қувватлайди;

маданий мерос бўйича жамоатчи инспекторлар ягона рўйхатини юритади;

таъмиршунослик йўналишидаги ўзига хос услуб, анъана ва мактабларни ривожлантиришга кўмаклашади;

з) моддий маданий мерос объектларини кенг тарғиб этиш ва оммалаштириш, соҳага давлат-хусусий шериклик механизмларини, инновацион ва илғор ахборот-коммуникация технологияларини самарали татбиқ этиш, электрон хизматларни ривожлантириш соҳасида:

Моддий маданий мерос объектларининг давлат кадастрига киритилган моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари ҳақидаги тегишли маълумотларни оммавий ахборот воситалари, расмий веб-сайтида ва бошқа ахборот воситаларида эълон қилади;

Моддий маданий мерос объектларининг давлат кадастридан чиқарилган моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари ҳақидаги тегишли маълумотларни оммавий ахборот воситалари, расмий веб-сайтида ва бошқа ахборот воситаларида эълон қилади;

Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатининг оммавий ахборот воситалари, расмий веб-сайтида ва бошқа ахборот воситаларида эълон қилади;

оммавий ахборот воситалари, интернет сайтлар, ижтимоий тармоқларда махсус саҳифалар ташкил этади ва уларга моддий маданий мерос объектларига оид материалларни жойлаштириб боради;

оммавий ахборот воситаларини, интернет сайтлар, ижтимоий тармоқларда эълон қилинган соҳага оид маълумотларни таҳлил қилиб боради ва, зарур ҳолларда, уларга тегишли муносабат билдиради;

моддий маданий мерос объектлари муҳофаза қилишга жамоатчилик эътиборини қаратишга хизмат қиладиган оммавий тадбирлар, кўрик-танлов ва бошқа тадбирларни ташкил қилади;

маданий мерос объектларида замонавий ахборот технологияларини татбиқ этади;

Департамент ва унинг ҳудудий бошқармалари фаолиятини оммавий ахборот воситалари ва бошқа ахборот воситалари орқали ёритиб боради.

и) халқаро ва хорижий ташкилотлар билан ҳамкорликни ривожлантириш, жумладан, молиявий институтларнинг грантлари, кредитлари ва ҳомийлик хайрияларини жалб этиш соҳасида:

халқаро ва хорижий ташкилотлар билан ҳамкорликни ривожлантиради;

халқаро ва хорижий ташкилотларни жалб этади;

молия институтларининг грантлари, кредитлари ва ҳомийлик хайрияларини жалб этиш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади;

соҳага оид халқаро тажрибаларни ўрганади ва уларни жорий қилиш бўйича таклиф тайёрлайди.

4-боб. Департаментнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари

  1. Департамент ўзига юкланган вазифа ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

моддий маданий мерос объектлари тегишли бўлган баланс сақловчилар, ижарага олувчилар, текин фойдаланувчилар, оператив бошқариш ҳуқуқи асосида фойдаланувчилар ва бошқа субъектлардан (кейинги ўринларда ҳуқуқ эгалари деб аталади) моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва унинг ҳолати, асрашга доир ишларни амалга ошириш ҳақидаги ахборотни сўраш ҳамда олиш;

давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахсларидан Департамент ваколатига кирадиган масалалар юзасидан ҳужжатлар, статистика маълумотлари, таҳлилий материаллар, хулосалар ҳамда бошқа ахборотни сўраш ҳамда олиш;

моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари ҳуқуқ эгаларидан моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларидан (ижарага бериш, экскурсия ва тадбирлар ташкил қилиш, ҳомийлик хайрияларини тўплаш ва бошқа) фойдаланиш ҳамда ундан топилган маблағлар ва унинг сарфланиши ҳақидаги ахборотни сўраб олиш;

Департамент ваколатига кирадиган масалалар бўйича Вазирлар Маҳкамаси, давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа ташкилотларга таклифларни кўриб чиқиш учун киритиш;

давлат назорат органлари, давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан ахборот алмашиш;

давлат назоратини амалга оширишда махсус касбий билимларни талаб этадиган масалаларни кўриб чиқиш учун давлат бошқаруви органлари ҳамда бошқа ташкилотларнинг мутахассисларини эксперт сифатида жалб этиш;

назорат объектининг мансабдор ва бошқа масъул шахсларидан давлат назорат тадбири жараёнида пайдо бўладиган масалалар бўйича тушунтиришлар беришни талаб қилиш;

назорат объекти мансабдор ва бошқа масъул шахсларининг тушунтиришлар бериш ва назорат тадбири натижалари бўйича расмийлаштириладиган ҳужжатларни имзолашдан бош тортганликлари тўғрисида далолатнома тузиш;

давлат органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарларига моддий маданий мерос объектлари соҳасида аниқланган қонун бузилиш ҳолатларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимнома киритиш;

зарур ҳолларда, моддий маданий мерос объектлари ва улар жойлашган бино ва иншоотларни муҳрлаш, қалбакилаштириш, сохталаштириш ва бошқа суиистеъмолликлар аломатлари аниқланган тақдирда тегишли ҳужжатларини олиб қўйиш;

моддий маданий мерос объектлари соҳасидаги маҳаллий ва хорижий мутахассисларни фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома асосида жалб қилиш;

халқаро, хорижий, консалтинг ва аудиторлик ташкилотлар, компаниялар билан ҳамкорлик қилиш, музокаралар ўтказиш, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш учун шартномалар тузиш;

моддий маданий мерос объектлари соҳасига грантлар, инвестициялар жалб қилиш мақсадида халқаро молия институтлари, донор мамлакатлар, компаниялар ва банклар билан ҳамкорлик ўрнатиш.

Департамент қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

  1. Департамент:

ўзига юклатилган вазифа ва функцияларни сифатли бажариш;

моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги ягона давлат сиёсатининг сифатли ва тўлиқ амалга оширилишини таъминлаш;

моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланишни ташкил этиш;

давлат назорати натижаларига доир ҳужжатларда баён этилган маълумотларнинг ишончлилиги, холислиги ва тўлиқлигини таъминлаш;

давлат сирларининг ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларининг ҳимоя қилинишини таъминлашга мажбур.

Департамент қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларни ҳам ўз зиммасига олиши мумкин.

5-боб. Департамент фаолиятини ташкил этиш

  1. Департаментга Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган бошлиқ — Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг ўринбосари раҳбарлик қилади.

Бош меъмор ва бош инспектор Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг тақдимномасига асосан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган Департамент бошлиғининг ўринбосарлари ҳисобланади.

  1. Департамент бошлиғи Департамент фаолиятига умумий раҳбарликни амалга оширади, унинг ҳудудий бошқармалари фаолиятини мувофиқлаштиради, шунингдек, уларнинг фаолияти сифати ва якуний натижаси учун масъул ҳисобланади.
  2. Ҳудудий бошқармалар бошлиқлари Департамент бошлиғининг таклифига биноан Ўзбекистон Республикаси маданият вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.
  3. Ҳудудий бошқармалар ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси маданият вазири томонидан тасдиқланадиган низомлар асосида амалга оширадилар.

Бошқарма бошлиғи бошқарма фаолиятига умумий раҳбарликни амалга оширади, шунингдек, унинг фаолияти сифати ва якуний натижаси учун масъул ҳисобланади.

  1. Департамент моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш масалаларида ўзининг вазифа ва функцияларини амалга ошириш доирасида вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда бошқа ташкилотлар, шунингдек, хорижий ва халқаро ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилади.

6-боб. Департамент раҳбариятининг асосий функционал вазифалари

  1. Департамент бошлиғининг асосий функционал вазифалари қуйидагилар ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари, шунингдек, ушбу Низомга ҳамда бошқа қонун ҳужжатлари талабларига риоя этиш;

Департамент фаолиятига умумий раҳбарликни амалга ошириш, унинг ҳудудий бошқармалари фаолиятини мувофиқлаштириш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва бошқа қонун ҳужжатларида Департаментга юкланган вазифа ва функцияларнинг бажарилишини ташкил этиш;

Департамент фаолиятига оид Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан тасдиқланган комплекс дастурлар ва тадбирларнинг бажарилишини чуқур ва танқидий таҳлил қилиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ва унинг ўринбосарларининг топшириқларини бажариш;

Департамент фаолиятининг айрим соҳаларига раҳбарлик қилиш юзасидан Департамент мансабдор шахсларининг ваколатларини аниқлаш ва уларнинг шахсий жавобгарлик даражасини белгилаш;

Департамент фаолияти режалаштирилишини ташкил этиш, Департамент ва мансабдор шахсларининг ҳар ярим йиллик иш режаларини тасдиқлаш, уларнинг бажарилиши юзасидан назоратни таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари ва топшириқларини бажаришни ташкил этишнинг амалий тизимини яратиш ва мониторингини юритиш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари самарали ва натижали ижро этилиши, шунингдек, ижро интизоми мустаҳкамланиши учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчиларининг, Вазирлар Маҳкамаси ва унинг комплекслари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек, барча даражалардаги ҳокимликлар раҳбарларининг шахсий жавобгарлиги тўғрисида» 2017 йил 11 апрелдаги ПҚ-2881-сон қарорига ва «Давлат органлари ва ташкилотларида ижро интизомини янада мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 5 октябрдаги ПҚ-3962-сон қарорига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг «Ижро интизомини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида» 1999 йил 12 январдаги 12-сон қарорига мувофиқ Департамент фаолиятида ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича комплекс амалий чора-тадбирларни бажариш;

«Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида», «Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва уларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ Департаментнинг қонун лойиҳалари бўйича фаолиятини ташкил этиш;

«Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида», «Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва уларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 августдаги ПФ-5519-сон Фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг Регламенти (кейинги ўринларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси регламенти деб аталади) ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 14 февралдаги 62-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг регламенти (кейинги ўринларда Вазирлар Маҳкамасининг регламенти деб аталади) талабларига қатъий мувофиқ равишда фаолият кўрсатиш масалалари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг сифатли ишлаб чиқилишини ташкил этиш ва уларнинг Вазирлар Маҳкамасига ўз вақтида киритилишини таъминлаш;

Департаментга тақдим этилган таклифларнинг ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг тўлиқ ва ҳар томонлама кўриб чиқилишини таъминлаш, уларнинг моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш бўйича молиявий, иқтисодий, ҳуқуқий ва бошқа хил экспертизадан пухта ўтказилишини, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг регламентида ва Вазирлар Маҳкамасининг регламентида белгиланган муддатларда келишилишини таъминлаш;

Департамент ходимларини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этиш;

Департаментга кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, уларнинг самарали фаолияти учун зарур шарт-шароитлар яратиш, Департамент кадрлар захирасини шакллантириш;

Департамент ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини ташкил этиш;

Департамент фаолиятига ишларни ташкил этишнинг замонавий шакллари жорий этилишини таъминлаш;

давлат сирига киритилган маълумотлар ва махфий ахборот билан ишлашда қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Мансабдор шахсларнинг хорижий мамлакатларга чиқиш тартибини такомиллаштириш чоралари тўғрисида» 2014 йил 5 мартдаги ПҚ-2142-сон ва «Мансабдор шахсларнинг хориж мамлакатларига хизмат сафарлари самараси учун шахсий масъулиятларини янада ошириш ва хорижий делегацияларнинг Ўзбекистон Республикасига ташрифларини ташкил этиш чоралари тўғрисида» 2017 йил 3 августдаги ПҚ-3170-сон қарорларига тўлиқ мувофиқ ҳолда Департамент раҳбарлари ва ходимларининг хизмат сафарларини ташкил этиш, хизмат сафарларининг асосланганлиги, самарадорлиги ва натижадорлигини, хизмат сафарлари харажатларига ажратилган маблағлардан мақсадли ва оқилона фойдаланилишини таъминлаш;

Департамент ходимлари томонидан Департамент ходимларининг одоб-ахлоқ қоидалари талабларига риоя этилишини таъминлаш;

«Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига мувофиқ Департамент тизимида коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чора-тадбирларини кўриш, шунингдек, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ва қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга доир чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш орқали уларнинг содир этилишига кўмаклашадиган сабаблар ва шароитларни аниқлаш, таҳлил қилиш ҳамда бартараф этиш;

жисмоний ва юридик шахсларнинг Департамент ваколатига кирадиган масалалар бўйича мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ижросини таъминлаш, электрон ҳужжат айланиш тизимини кенг жорий қилиш ва ундан самарали фойдаланиш, юридик ва жисмоний шахслардан тушадиган мурожаатларнинг маълумотлар базасини шакллантириш ишларининг назоратини ҳамда мувофиқлаштирилишини ташкил қилиш;

Департамент фаолиятига тааллуқли шартномаларни ва Ўзбекистон Республикасининг вакили сифатида Департамент ваколатига кирадиган масалалар бўйича халқаро хусусиятга эга шартномаларни белгиланган тартибда тузиш ҳамда имзолаш;

Департамент ходимлари бажариши мажбурий бўлган буйруқлар, фармойишлар қабул қилиш ва кўрсатмалар бериш;

Департамент ходимларини, моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасида фаолият олиб бораётган шахсларни кўкрак нишонлари ва фахрий ёрлиқлар билан мукофотлаш тўғрисидаги масалаларни белгиланган тартибда ҳал этиш, Департаментнинг алоҳида намуна кўрсатган ходимларини, моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасида фаолият олиб бораётган шахсларни Ўзбекистон Республикаси фахрий унвонлари ва давлат мукофотлари билан тақдирлашга тавсия этиш;

Департамент ходимларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш масалаларини ҳал этиш, шу жумладан уларнинг бундан буён эгаллаб турган лавозимида қолишининг мақсадга мувофиқлиги, уларнинг шахсий жавобгарлигини ошириш бўйича тизимли масалаларни кўриб чиқиш;

зарурат бўлганда, Департамент ва унинг ҳудудий бошқармалари балансида бўлган моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларининг қўриқланилишини таъминлаш учун қоровуллар штатларини киритиш;

Департамент мол-мулкини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тасарруф этиш.

Департамент бошлиғи қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа функционал вазифаларга эга бўлиши мумкин.

  1. Департамент бошлиғи ўринбосарларининг, таркибий ва ҳудудий бошқармалари, бўлинмалари раҳбарларининг асосий функционал вазифалари қуйидагилар ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, шунингдек, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига Департамент таркибий ва ҳудудий бошқармалари, бўлинмалари ходимлари томонидан риоя этилишини таъминлаш;

таркибий ва ҳудудий бошқарма, бўлинмалар фаолиятига бевосита раҳбарлик қилиш, ушбу бўлинмаларга юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилишини ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари ва топшириқларини бажаришни таъминлаш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари самарали ва натижали ижро этилиши, шунингдек, ижро интизоми мустаҳкамланиши учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчиларининг, Вазирлар Маҳкамаси ва унинг комплекслари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек, барча даражалардаги ҳокимликлар раҳбарларининг шахсий жавобгарлиги тўғрисида» 2017 йил 11 апрелдаги ПҚ-2881-сон қарорига ва «Давлат органлари ва ташкилотларида ижро интизомини янада мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 5 октябрдаги ПҚ-3962-сон қарорига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг «Ижро интизомини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида» 1999 йил 12 январдаги 12-сон қарорига мувофиқ ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича комплекс амалий чора-тадбирларни амалга ошириш, топшириқларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши учун таркибий бўлинмалар ходимларининг шахсий жавобгарлигини ошириш чораларини кўриш;

Департамент қарорларининг, бошлиқ буйруқлари, фармойишлари ва топшириқларининг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш;

таркибий ва ҳудудий бошқарма, бўлинмаларнинг ҳар ярим йиллик иш режалари ишлаб чиқилишини таъминлаш, уларни тасдиқлаш учун киритиш, уларда кўрсатилган вазифа ва тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш;

таркибий ва ҳудудий бошқарма, бўлинмаларга юкланган вазифаларнинг бажарилишини назорат қилиш ва мувофиқлаштириш;

таркибий ва ҳудудий бошқарма, бўлинмалар фаолияти масалалари бўйича қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш ва уларни кўриб чиқиш учун Департамент раҳбариятига киритиш;

Департамент таркибий ва ҳудудий бошқарма, бўлинмаларига кадрларни танлаш ва тайинлаш жараёнида Департамент бошлиғига таклифлар тақдим этиш, уларнинг профессионаллиги, ўз ишини билиши, амалий иш тажрибаси, юқори ишчанлик даражаси ва маънавий-ахлоқий сифатлари кафолатланганлигини таъминлаш, уларнинг касбий малакасини ошириш чораларини кўриш, таркибий ва ҳудудий бошқарма, бўлинмаларда кадрлар захирасини шакллантириш;

таркибий бўлинмаларда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг сифатли ишлаб чиқилишини ташкил этиш, кейинчалик кўриб чиқиш учун Департамент таркибий бўлинмаларида тайёрланган ҳужжатлар лойиҳаларини кўриб чиқиш ва келишиш, уларни Департамент раҳбарияти томонидан имзолаш (виза қўйиш), уларнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг регламенти ва Вазирлар Маҳкамасининг регламенти талабларига қатъий риоя қилган ҳолда ўз вақтида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритилишини таъминлаш;

Департаментга тақдим этилган таклифларни ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ўз ваколати доирасида тўлиқ ва ҳар томонлама кўриб чиқиш, уларни моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш бўйича, молиявий, иқтисодий, ҳуқуқий ва бошқа экспертизадан пухта ўтказиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Мансабдор шахсларнинг хорижий мамлакатларга чиқиш тартибини такомиллаштириш чоралари тўғрисида» 2014 йил 5 мартдаги ПҚ-2142-сон ва «Мансабдор шахсларнинг хориж мамлакатларига хизмат сафарлари самараси учун шахсий масъулиятларини янада ошириш ва хорижий делегацияларнинг Ўзбекистон Республикасига ташрифларини ташкил этиш чоралари тўғрисида» 2017 йил 3 августдаги ПҚ-3170-сон қарорларига тўлиқ мувофиқ ҳолда хизмат сафарларини ташкил этиш, хизмат сафарларининг асосланганлиги, самарадорлиги ва натижадорлигини, хизмат сафарлари харажатларига ажратилган маблағлардан мақсадли ва оқилона фойдаланилишини таъминлаш;

Департамент ходимларининг фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини тизимли равишда танқидий таҳлил қилиш, уларнинг шахсий ҳисоботларини йиғилишларда эшитиш, якунлари бўйича зарур чоралар кўриш;

Департамент ходимлари томонидан ходимларнинг ахлоқ-одоб қоидалари талабларига риоя этиш;

«Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига мувофиқ Департамент тизимида коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чора-тадбирларини кўриш, шунингдек, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ва қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга доир чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш орқали уларнинг содир этилишига кўмаклашадиган сабаблар ва шароитларни аниқлаш, таҳлил қилиш ҳамда бартараф этиш;

давлат сирига киритилган маълумотлар ва махфий ахборот билан ишлашда қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилиш.

7-боб. Департамент фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш мезонлари ва амалий кўрсаткичлари

  1. Департамент фаолияти унинг самарадорлиги ва натижадорлиги бўйича мунтазам баҳоланади.
  2. Департамент фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлиги Ўзбекистон Республикасининг маданият вазири тасдиқлайдиган Департамент фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш мезонлари ва амалий кўрсаткичлари асосида баҳоланади.
  3. Департамент фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш якунларига кўра қуйидаги чоралар кўрилади:

Департамент раҳбарлари ва ходимларини рағбатлантириш (мукофотлаш) ёки уларга нисбатан интизомий жавобгарликнинг тегишли чораларини кўриш;

аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва Департамент фаолиятини янада такомиллаштириш.

8-боб. Департаментни молиялаштириш ва моддий-техник таъминлаш, унинг ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш

  1. Департамент ва унинг ҳудудий бошқармалари фаолиятини молиялаштириш манбалари қуйидагилар ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаментининг Маданий мерос жамғармаси (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) маблағлари;

ўз даромадлари;

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

  1. Департамент ва унинг ҳудудий бошқармаларининг ўз даромадларини шакллантириш манбалари қуйидагилар ҳисобланади:

Департамент ва унинг ҳудудий бошқармаларига тегишли моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларига ташриф буюришдан ва уларга уюштирилган экскурсиялардан тушган маблағлар;

халқаро ва хорижий ҳукуматлар молия ташкилотлари, молия институтлари ҳамда бошқа донорларнинг грантлари ва кредитлари (қарзлари);

юридик ва жисмоний шахслар — Ўзбекистон Республикаси резидентлари ва норезидентларининг ҳомийлик хайриялари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа тушумлар.

  1. Департамент ва унинг ҳудудий бошқармаларини сақлашга доир харажатлар Жамғарма маблағлари ва бюджетдан ташқари ўз даромадлари ҳисобига амалга оширилади, уларнинг харажатлари учун ушбу манбалардан маблағларнинг етишмаган қисми Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан Маданият вазирлигига ажратиладиган маблағлар ҳисобига қопланади.

Бунда бюджет ташкилотлари учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибга асосан бюджет сўровномаси Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига тақдим этилади. Бюджетдан маблағ ажратилган тақдирда, белгиланган тартибда бюджет харажатлари сметаси тузилади, тасдиқланади ва рўйхатдан ўтказилади ҳамда унинг ижроси бўйича ҳисоботлар тайёрланади.

  1. Департаментнинг Жамғарма ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар маблағлари ҳисобидан хорижий давлатлардан жалб этилган ходимлари, экспертлари ва маслаҳатчилари — Ўзбекистон Республикаси норезидентлари хизматларига тузилган контрактларга мувофиқ қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда хорижий валютада ҳақ тўланади.
  2. Департаментга юкланган вазифаларни амалга ошириш учун фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалар асосида жалб қилинган мутахассислар меҳнатига ҳақ тўлаш миқдори Жамғарма маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар маблағлари ҳисобидан Департамент бошлиғи томонидан белгиланади.
  3. Департамент ва унинг ҳудудий бошқармалари ходимларига:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, суд органлари ва нотариал идоралар ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг тариф сеткасини жорий этиш тўғрисида» 1996 йил 12 апрелдаги 147-сон қарорида назарда тутилган мукофотлаш ва моддий ёрдам кўрсатиш тартиби, шунингдек, мазкур қарорга 2 ва 10-иловалар (меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича 1-гуруҳ) билан тасдиқланган Ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлаш разрядлари;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Пенсиялар, нафақалар, стипендиялар ҳамда республиканинг бюджет муассасалари ва ташкилотларида иш ҳақи миқдорларини ошириш тўғрисида» 1995 йил 16 августдаги ПФ-1213-сон Фармонига мувофиқ бюджет муассасалари ва ташкилотлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг 15 фоизи миқдорида моддий рағбатлантириш махсус фонди;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат хизматчиларининг лавозим маошларига йигирма фоизли устама ҳақ белгилаш тўғрисида» 1997 йил 3 июлдаги 339-сон қарори билан белгиланган лавозим маошларига 20 фоизли устама ҳақ татбиқ этилади.

  1. Департамент бошлиғи департамент ва унинг ҳудудий бошқармалари ходимлари учун эгаллаб турган асосий лавозими бўйича Жамғарма маблағлари ҳисобидан асосий лавозим маошларига (тариф ставкаларига) 100 фоизгача устама ҳақи белгилаши мумкин.
  2. Департамент ходимларининг асосланган аризасига асосан Жамғарма маблағлари ҳисобидан Департамент бошлиғининг буйруғи билан меҳнатга ҳақ тўлаш фондига ажратилган маблағлар доирасида қуйидаги ҳолларда қўшимча тарзда моддий ёрдам кўрсатилиши мумкин:

яқин қариндошлари вафот этганда — ўлим тўғрисидаги гувоҳнома нусхасига асосан;

алоҳида эҳтиёж туғилганда (бахтсиз ҳодиса, тўй ва бошқа маросимлар муносабати билан, узоқ муддатли касаллик сабабли махсус даволаниш ва соғлиқни қайта тиклаш учун, шунингдек, оиладаги оғир моддий аҳвол сабабли ва бошқа ҳолатлар).

  1. Жамғарма маблағлари ҳисобидан:

а) давлат назоратини бевосита амалга оширган Департамент ва унинг ҳудудий бошқармаси ходими:

маъмурий ҳуқуқбузарлик аниқланган ҳолатда, суд қарори қонуний кучга киргандан сўнг — меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 17,6 фоизи миқдорида;

жиноят аниқланган ҳолатда, суд ҳукми қонуний кучга киргандан сўнг — меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1,76 бараваригача миқдорда мукофотланади;

б) жарима ва зарарларни қоплаш ҳисобига тушган маблағлардан Департамент ва унинг ҳудудий бошқармалари ходимларига Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 131-моддасида белгиланган байрамларда қўшимча мукофот пули берилиши мумкин.

9-боб. Якунловчи қоидалар

  1. Департамент қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қайта ташкил этилади ва тугатилади.
  2. Мазкур Низом талабларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
BIZNINGManzil
Lorem ipsum dolor sit amet, consectetur adipiscing elit. Proin fringilla arcu vestibulum vulputate feugiat.
HUDUDIYBo'limlarimiz
http://madaniymeros.uz/wp-content/uploads/2020/03/uzb_map-1.png
IJTIMOIY TARMOQLARDABizni kuzatib boring
Lorem ipsum dolor sit amet, consectetur adipiscing elit. Proin fringilla arcu vestibulum vulputate feugiat.
BIZNINGManzil
Organically grow the holistic world view of disruptive innovation via empowerment.
HUDUDIYBo'limlarimiz
http://madaniymeros.uz/wp-content/uploads/2020/03/uzb_map-1.png
IJTIMOIY TARMOQLARDABizni kuzatib boring
Taking seamless key performance indicators offline to maximise the long tail.

© 2020 Moddiy madaniy meros ob`ektlari portali.

Sayt IT Works tomonidan ishlab chiqildi.

© 2020 Madaniy Meros Departamenti.

Sayt IT Works tomonidan ishlab chiqildi.