Бевақт ўлим устозимиз , ҳамкасбимиз Тўлқин Собиров Ўринбоевични 2020 йил 28 сентябрь куни 67 ёшида орамиздан олиб кетди.
Собиров Тўлқин Ўринбоевич 1953 йилнинг 6 октябрида Фарғона вилояти, Риштон туманида таваллуд топган.
Умрининг асосий қисмини Фарғона санъати ва маданиятини ривожлантиришга сарфлади.
У вилоятнинг маданий мерос, маданият соҳасини бошқарган даврда воҳа маданияти ва санъати баланд чўққига кўтарилди.
У фаолият давомида ўзидан кўплаб шогирдлар тайёрлаб қолдирди. Тўлқин Собиров 2009 йилдан буён умрининг охиригача вилоятнинг моддий-маданий мерос объектларини ўрганиш, уларни асраш ва келажак авлодларга етказиш борасида ҳам жуда улкан ишларни амалга ошириб келди.
Собиров Тўлқин Ўринбоевич қисқа, аммо мазмунли ҳаётида ўзидан ширин-шакар фарзандлар, набира ва чеваралар, издошлар ва шогирдлар қолдириб халқимиз қалбидан чуқур жой олди.
Унинг хотираси халқимиз, вилоятнинг маданий мерос маданият ва санъати вакиллари қалбида умрбод қолади. Маданият вазирлиги, Маданий мерос департаменти ҳамда Фарғона вилоят Маданий мерос бошқармаси Тўлқин Собиров Ўринбоевичнинг оила аъзолари ва барча яқинларига ҳамдардлик билдириб, чуқур таъзия изҳор этади.
Охиратингиз обод бўлсин.