Самарқанд вилояти Булунғур тумани Бот-бот қишлоғига қарашли ҳудудда тош даврига оид манзилгоҳ аниқланди.
Жомбой тумани 51-мактабнинг тарих фани ўқитувчиси Муҳриддин Холсаидов Самарқанд давлат университети тарих факультети маъмуриятига Ғўбдин тоғида жойлашган Етимсой дарасида бир нечта қоятош суратларини аниқлагани ҳақида мурожаат қилди. СамДУ Археология кафедраси доценти О.Эргашев ва ЎзФА Миллий Археология Маркази Самарқанд Археология институти катта илмий ходими Б.Сайфуллаевлар мазкур маълумот асосида М. Холсаидов, Ў Қобиловлар ҳамроҳлигида Ғўбдин тоғининг Булунғур туманига қарашли бўлган Етимсой дарасига ташриф буюришди. Ташриф давомида қоятош суратлари билан бирга Бот-бот қишлоғи худудида тош даврига оид макон аниқланди. Ер юзасидан тош даврига оид чақмоқтош, сланец ва кварцдан ишланган бир нечта тош буюмлар қўлга киритилди. Мутахассислар дастлабки кузатув ишлари ва қўлга киритилган артефактларга асосланиб, минтақани археологик жиҳатдан тадқиқ қилиш муҳим истиқболга эга эканлигини таъкидлашмоқда.